← Barcha she’rlar

Ҳар ким иш айлагай ўз зотига мос

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Ҳар ким иш айлагай ўз зотига мос,
Бузилмас азалнинг бу адолати:
Китобни севмоқлик – подшоҳларга хос,
Китобдан қочмоқлик – қуллар одати.

Манглайга ёзилгай одам кечмиши,
Инсоннинг амали хулқидан бўлгай:
Китобни эъзозлаш – илм аҳлин иши,
Китобни хорламоқ – жоҳилдан келгай.

Англайсан: ёшинг ҳам ўтгани сари
Балки манзилинг қирқ, балки элликдир:
Китоб ўқимоқдир улғаймоқ сири,
Китобдан юз бурмоқ – болафеълликдир.

Ҳар нени вужудга киритмас инсон,
Ҳар сўзни сўз дея сўзламас доно:
Китоб фарқламоқни ўрганганинг он
Ирфонга хуш келдинг, эй дўст, марҳабо!

Акром МАЛИК