Кўкламнинг дайдифеъл шамоли каби
Кўкламнинг дайдифеъл шамоли каби
Ҳар эшик, тирқишга уриб кўр бошинг.
Соқовнинг тилдаги саволи каби
Булутлар ортидан чиқмас қуёшинг.
Дунё қўлимда деб сурасан хаёл,
Тийиқсиз югурар тилингдан сўзинг.
Ғофилсан, аслида шундай эрур ҳол:
Дунёнинг қўлида тутқунсан ўзинг.
Нафсинг бўйин эгмас, насиҳат олмас,
Эрта-кеч тўқийди ҳийла тузоғин.
Ўзини яхши деб кўрсатиб толмас,
Яқин тасбит этиб манзил узоғин.
Кимдир кўзгу тутса, юзингга ногоҳ,
Шайдирсан қўлини синдирмоққа сен.
Ва нафсим айтгани бўлсин деб бажо,
Шайтонни шерик деб кўндирмоқдасен.
Аммо ниқоб кийиб турқингга рангин,
Ҳеч айбу нуқсонинг олмагайсан тан.
Бут қилиб кибрнинг тоғ каби сангин,
Юкинишдан сира тўхтамайдурсан.
Тобора қуюқдир бошда хатаринг,
Ёд билиб фарангу арабийни сен,
Пешонангга битган бўлса қадаринг,
Учратсанг пир каби мураббийни сен,
Бир қуёш топибсан, субҳаналлоҳ,
Оламнинг зулматин поймоли учун.
Энди ҳузуридан тилангин паноҳ,
Кибрнинг заволу, дил камоли учун.
Аммо бойлаб яна бўйнингга сиртмоқ,
Шайтоннинг қўлига тутқаздинг, ҳайҳот.
Зўрман деб ҳаммага йиртгайсан томоқ,
Ҳолбуки, ичингда фарёду фарёд...
Акром МАЛИК