← Barcha she’rlar
Ўлжасини узоқ чайнайдиган бўридек
Bu yozuv kirill alifbosida.
Ўлжасини узоқ чайнайдиган бўридек
Мени узоқ чайнаб ҳазм этмоқчидек қайғу.
Ичидан қора дуд қайнайдиган мўридек
Зулматда мен билан базм этмоқчидек қайғу.
Кўзёш тўр ташлади қабр каби кўзимга,
Лиқ-лиқ сув келди дийдамнинг ўзанига.
Суянолмай қолдим доно-доно сўзимга,
Секин-секин нақш босдим сабр деган сўзанага.
Ўз ҳолимнинг ҳолин аста айласам идрок,
Чўкиб кетгудекман ғамнинг чуқур қаърига.
Андуҳ тиғи охир мени қилмасдан ҳалок,
Қочдим Аллоҳ дея имкон қадар нарига.
Бу оғир юк босиб тушунганим шул бўлди:
Руҳнинг жароҳати оғир кечгай бегумон.
Бир катта қудуқдек ичим фарёдга тўлди,
Сизларни ҳис этдим, эй аҳли дард, бағри қон.
Акром МАЛИК