← Barcha she’rlar
Кимдир хатойингдан хабар берса гар
Bu yozuv kirill alifbosida.
Кимдир хатойингдан хабар берса гар,
Ранжима, энг аввал Худога ҳамд айт!
Сўзлаган инсон ҳам бўлгай мўтабар,
Сенга нуқсонингни аён этган пайт.
Чунки Сенга шафқат кўрсатиб Худо,
Банданинг тилидан етказди ҳақни.
Энди бу раҳматдан ўзингни жудо
Айлаб, унутма бу гўзал сабоқни.
Оғриқ қийнар экан жисму жонингни,
Табибнинг сўзига бўлгайсан илҳақ.
Оғритмай танингни, тўкмай қонингни
Ёмон хулқ айлагай бир куни ҳалок.
Наҳот ёмон хулқдан, ёмон феълингдан
Огоҳ этган зотдан ранжидинг, эй дўст?!
Халос бўлиб маккор нафснинг қўлидан
Қалбга айла қадам ранжийда, эй дўст.
Жаҳлу ғазаб тўлган оламдан қўпиб,
Бир кун нурлар тўла қалбга келгайсан.
Ва ким кўзгу тутса, бошидан ўпиб,
Улуғим, муршидим, пирим дегайсан.
Акром МАЛИК