← Barcha she’rlar

Кетганларга видо айтдик, омон бўлинг

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Кетганларга видо айтдик, омон бўлинг,
Келганларга бағир очдик – салом Сизга!
Кимга яхши, ким учундир ёмон бўлинг,
Хуш тилаклар тўлиб-тошган калом Сизга!

Қалбингизда порлаб турган нурни кўрдик,
Жилва айлар кўзингизнинг кўзгусида.
Кўнгил ичра пинҳон оғриқ, дардни сўрдик,
Сайр айлаб ойдин тунлар ёғдусида.

Юрак ичра чуқур-чуқур жароҳатлар
Азобига чидай олмай этиб фарёд,
Етгач Ҳақдан гўзал-гўзал иноятлар,
Сўзларингда шукроналар бўлгай бунёд.

Бўлмасайди кунларингда ҳузунларинг,
Қочмасайди тунларингда уйқу узоқ –
Билмас эдинг недир кемтик, бутунларинг,
Кўрмас эдинг недир зулмат, недир чироқ.

Вужудингга тушмасайди зилзилалар,
Портламасди қалбда пинҳон тоғу тошинг.
Тополмасдинг баҳоси йўқ хазиналар –
Кўз ойнангни ювмасайди аччиқ ёшинг.

Гоҳо боқиб ҳаётингга лолу ҳайрон,
Қандай яшаб ўтдим дея сургайсан ўй.
Мусибатлар борлиғингни қилгач вайрон,
Йиғлаб-йиғлаб умидлардан қургайсан уй.

Кўравергач ҳар кун, ҳар тун синов, олов,
Ёнишга ҳам, куйишга ҳам ўрганасан.
Қорлар ёғса, каловланмай топиб қалов,
Инонч номли палосингга ўранасан.

Марҳамати қилса ногоҳ тажаллийёт –
Худовандга шавқинг тошиб юкинасан.
Ўз феълингга қайта-қайта айтиб ҳайҳот,
Исёнингу туғёнингга ўкинасан.

Кечир, Роббим, ожизлигим сифатимдир,
Сендан бўлак ҳеч кимим йўқ икки дунё.
Сенсиз қолмоқ кулфатимдир, офатимдир,
Бир лаҳза тарк этмагил, ё Раббано!..

Акром МАЛИК