← Barcha she’rlar

Фикр эркин дея, сўз эркин дея

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Фикр эркин дея, сўз эркин дея
Фикрига бошқадан сўрайди тоқат.
Авомуннос учун хос феъл-да буям –
Тоқат қила олмас бошқага фақат.

Иймон, ислом дея ҳайқиргай гўё
Фақат унда бордир диннинг ташвиши.
Наздида бир муслим айласа хато
Ҳақорат қилмоқдан иборат иши.

Ислоҳ бўлсин дея қилмас насиҳат,
Англанмас сўзларга йўқ эрур бардош.
Тошлар ота бошлар қаҳр-ла ғоят,
Отгани сингари азозилга тош.

Ҳолбуки, иймоннинг эгаси шул кас,
Ҳолбуки, беш маҳал ўқигай намоз.
Бизлар зулм ичинда шунчаки бир хас,
Нечун бундай жаҳл феълимизга хос?

Отган тошларингиз эмас беҳуда,
Ҳеч йўқ, гуноҳимиз тўкилгай тутдай.
Ҳаёту умрингиз кечсин осуда,
Ҳар қандай яра ҳам бир куни битгай.

Иймон солим қолсин, қалбга нур инсин,
Сабру шукур берсин Худойим, комил.
Оламнинг ғавғоси бир куни тинсин,
Юраклардан кетсин жами ғашу ғил.

Гоҳо адаштирар сўзларнинг нақши,
Сўзлар ўзимиздан узоққа кезар.
Лек бир кун ҳаммамиз ўргансак яхши –
Сўздан ўтиб қалбга солмоқни назар.

Акром МАЛИК