← Barcha she’rlar
Сени яхши кўргим келмайди гоҳо
Bu yozuv kirill alifbosida.
Сени яхши кўргим келмайди гоҳо,
Бошқалар ҳам яхши кўргани учун.
Майли, ишқим қолсин қалбимда пинҳон,
Хаёлинг паришон юргани учун.
Қачондир ажралса оқ-у қоралар,
Кетса атрофингдан иши битганлар.
Шунда кўрсатаман дилни яралаб,
Кўнгилни поралаб кимдир кетганлар.
Хотирингга ташвиш тушмасин учун
Борлигимни, ҳатто билмасанг дейман.
Сенга тегмасин деб бирор тиғ учи
Ўзингга билдирмай ғамингни ейман.
Қанча ғам есам-да, тўймасман, балки
Лекин дийдоринг-ла кўнгил тўқ бўлгай.
Ақл ожиз қолган шундай бир ҳолки,
Бир боқсам барча дард унут, йўқ бўлгай.
Акром МАЛИК