← Barcha she’rlar
Пирга нидо қилди ҳамон хом шогирд
Bu yozuv kirill alifbosida.
Пирга нидо қилди ҳамон хом шогирд:
“Зикр этдим-у узоқ, тополмайман шавқ…
Менга беринг яна ўзгача бир вирд,
Токи ундан қалбим касб айласин завқ!..”
Мушфиқ назар этиб муршиди комил
Деди меҳрибонлик тўла овоз-ла:
“Етарли юкларга бўлмишсан ҳомил,
Энди ахлоқингни ишингга мосла.
Яъни бир иллатинг бордир, азизим,
Даво айламоққа муҳтожмиз, муҳтож.
Уни тузатмасак, эй нурли кўзим,
Қулдирсан, бошингда бўлса, ҳатто тож.
Яъни одамларнинг нуқсини зинҳор
Фош этма, сўзлама, ичингга жим ют.
Мадад берсин сенга ҳақ Парвардигор,
Барча инсонларнинг айбини беркит!..
Токи сатр айлагин Ҳаққа эргашиб,
Бандаларнинг қаро ишини тамом.
Шунда кўзларингга пардани очиб,
Саттор зот кўрсатгай нурини мудом”.
Акром МАЛИК