Йигитлик чоғидан сулук йўлида
Йигитлик чоғидан сулук йўлида
Хизмат қилиб ўтди мухлисқалб бир зот.
Аврод риштасини пирнинг қўлидан
Олиб парвоз этди кенг ёйиб қанот.
Сайр-у жазба ичра топаркан камол,
Кўзидан раф бўлди бирма-бир ҳижоб.
Унга ҳавас ила боқиб аҳли ҳол,
Турфа савол бериб, истарди жавоб:
“Узоқ йўл босдингиз сафо сайрида,
Зикр каломини кўнгилга ёзиб.
Бизга баён этинг, хизмат таврида
Энг қиммат ўгитни, шафқат кўргазиб!..”
Бош эгиб оҳиста сўз қотди солик:
“Бу йўл тугамади, ҳали бор сафар…
Қўрқаман бўлишдан бир куни ҳалок,
Кўрдим ҳар қадамда шиддатли хатар.
Умрим дарахтида битган мевани
Сизга тутқазаман, айланг эҳтимом –
Токи қасд этдингиз ушбу шевани,
Билинг: қил устида юрмишман мудом.
Бандаман: яшадим чўкиб ғамимга,
Гоҳо жўшиб-тошдим, гоҳида толдим.
Ишимга маҳлиё бўлган дамимда
Гуноҳ қамчисининг остида қолдим.
Мана, тингладингиз, эй аҳли тақво,
Энг ғариб ҳолимни айладим баён.
Ундан ҳам ғариброқ шулдирки аҳвол,
Йўқ эрур мен қамчи емаган бир он!.. “
Акром МАЛИК