← Barcha she’rlar

Бинафша ёмғирда қолгани каби

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Бинафша ёмғирда қолгани каби
Бошим ёққан тошлар остида қолди.
Азроил жонларни олгани каби
Қайғу қалбдан қувонч нурини олди.

Мусибат дарахти ўсдию баравж,
Соясидан унинг чиқолмай қолдим.
Тушкунлик қўшини денгиздек сермавж –
Енголмадим уни, йиқолмай қолдим.

Оҳу фарёд ила ҳар ёққан тошни
Қўлга олиб секин айладим назар.
Кўзимдан тиёлмай оловдек ёшни,
Ҳушимдан айрилдим, ҳайҳот, алҳазар.

Мусибат дарахтин илдизин чопиб
Тубидан қуритмоқ учун этдим аҳд.
Томирга боқдиму, юзимни ёпиб,
Фарёд ила дедим: “Наҳот йўқдир бахт!”

Кўз ўнгимда мудҳиш сирлар фош экан,
Надоматни пинҳон тутмоқ маҳол-ку:
Ёққан тошлар ўзим отган тош экан,
Ўсган дарахт ўзим эккан ниҳол-ку!..

Акром МАЛИК