← Barcha she’rlar
Мулким деб ўйлайсан қадду-қомату
Bu yozuv kirill alifbosida.
Мулким деб ўйлайсан қадду-қомату,
Овозу, чирою, ақлу фаҳмни.
Оламда йўқ дея менинг монандим,
Намоён этасан турфа ваҳмни.
Бош-оёқ ўзингга маҳлиё бўлиб,
Бош-оёқ ўзингни қиласан кўз-кўз.
Ўзингдан шавқу завқ, ҳайратга тўлиб,
Мақтовинг хусусда айтасан гап-сўз.
Аммо бахтсизлигинг ўзингга аён,
Ичингда яралар йиринглаб ётар.
Сувратинг малакваш, минг жину шайтон
Сийратингда шодон хиринглар ётар.
Одамлар оралаб чопма ҳансираб,
Ҳар қайда ўзингни савдога қўйма.
Шон-шуҳрат қошида ҳирс-ла қонсираб,
Кўзларингни ўзинг кўр қилма, ўйма.
Қўрқма ўзинг билан хилватда баъзан
Ёлғиз юзлашишдан, қолмоқдан танҳо.
Тўғри тут, бузилиб қолмасин мезон,
Ўйларингни ўлчаб, тортиб тур гоҳо.
Акром МАЛИК