Йўналишимиз савдо-сотиқ, сотувчилик билан шуғилланамиз. Илмга муҳаббат ва қизиқиш…
Йўналишимиз савдо-сотиқ, сотувчилик билан шуғилланамиз. Илмга муҳаббат ва қизиқиш бўлгани учун, қодир қилганича китоб мутолаа қиламиз. Эски туркий тилни ўрганишимиз мактаб пайтлариёқ бошланган. Кирилл алифбосида босилган туркий тилдаги китобларни ўқиб келардик.
Қисқаси, Акром Малик устозимиз ажойиб таклиф ташладилар, яъни туркий тилни ўз туркий ёзувида ўрганиш. Дарслар унчалик қийин эмас, араб алифбосига асосланган бўлгани учун туркий ёзувни ўқий оламиз. Дарслар икки ойдан буён давом этмоқда, бу ой учинчиси.
Кун бўйи ишда бўлганимиз учун, кечки вақт дарсларга ажратилади. Осон дейиш муболаға бўлади, ўзига яраша қийинликлари бор.
Дарслар қизиқарли, айниқса ҳикмат, одоб-ахлоқ, тарихга оид суҳбатларни интиқлик билан кутамиз ва мароқ билан қатнашамиз.
Асосий мақсад тайинли ва ишончли манбадан илм ўрганиш, бундай манбалар эса туркий тилда битилган. Туркий тилдаги китобларни ўқиганимизда қадриятларни чуқурроқ англаш, ҳақиқатларни кашф қилиш, “парда орти”ни кўришни бошладик.
Ўйлаймизки туркий забон ҳар киши ўз тилини, ёзувини, тарихини ўрганиши, ўз манбаларига мурожаат қилишлари шарт. Чунки ўз тилини билмаган кишини ўзлиги ҳам бўлмайди. Ўз манбасидан юз ўгирганлар, ўзгаларнинг алдовига тушади.
Муслиҳиддин ака