← Barcha she’rlar
Ажиб ривоятлар, ажиб каломлар
Bu yozuv kirill alifbosida.
Ажиб ривоятлар, ажиб каломлар,
Қиссалар мавзуси – шарафинг, шаънинг.
Сенга Ҳақдан етсин нурли саломлар,
Эй беор душманим, эй содда ғаним!..
Қалбимда жўш урар амвожи ҳикмат,
Кўзимда лиммо-лим кашфлар ёлқини.
Эй ғийбат бобида соҳиби ҳиммат,
Мунча ҳам ажойиб фикр-у талқининг!
Наҳот шундай эди касб – ихтисосинг?!
Сўзларинг бермоқда сендан ахборот.
Ярашмай турибди ёвлик либоси,
Эй мозий қаърида дўст аталган зот.
Сенга жавобим йўқ ёғийлик ила,
Зотан, меҳрим билан ғолибман мудом.
Роббимдан тун-у кун тавбалар тилаб,
Истиғфор даштида айладим хиром.
Сенга душманлигим йўқдир, азизим,
Ўзингга озгина айлагил шафқат.
Кундан кун юксалиб бораман, қўзим,
Адоват-ла ёниб, кул бўлма фақат.
Акром МАЛИК