← Barcha she’rlar

Сенинг тириклигинг, жону руҳингдир

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Сенинг тириклигинг, жону руҳингдир –
Азобу ҳайратнинг булоғидир ул.
Ундан иборатсан – бору йўғингдир,
Мангулик дарахтин бутоғидир ул.

Унда муҳаббату, соғинчу, ҳижрон,
Унда доду фарёд, унда нолалар.
Синчиклаб бағрига боқсанг ҳар қачон –
Кўргайсан қон рангли алвон лолалар.

У улкан оламдир, у баланд само,
Унга озор берма – кўкни йиқитма.
Ҳар неки қилсанг ҳам мақсад-муддао,
Кўнгил оғритмагил, кўнгил оғритма.

Акром МАЛИК