← Barcha she’rlar

Бир йигит улғайиб келаркан, алҳол

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Бир йигит улғайиб келаркан, алҳол,
Куч-қудрат ҳақида сурарди хаёл.
Бир пирга учрагач, сўради савол –
“Қандай қилсам кучли бўламан?” – дея.

Табассум айлади ул пири комил:
“Куч билан ҳар мақсад эмасдир ҳосил.
Лек авло қувватга бўлмоғинг дохил,
Собитлик яхшидир бамисли қоя.

Заифни ҳеч қачон кўрмагил ҳақир,
Билгилки, қувватнинг булоғидир – сир.
Агар эгалласанг, уч сир бирма-бир,
Сенга мағлубият сололмас соя.

Биринчи сир шулки, ҳамиша, эй жон,
Шундай ишинг бўлсин – Худога аён,
Бошқалар билмасин уни ҳеч қачон,
Барча мададларга ул сирдир моя.

Яна бири шулки, ўзинг ва маҳрам
Зотлардан бошқага кўрмаган баҳам
Сирларинг бўлсинки, токи ғам, алам
Тошлари ёғмагай бошингга шояд!

Яна бири шулки, бирор зот агар
Сирини ишонса, сенга сар-басар,
Фош этма бировга ўлсанг ҳам агар,
Ҳаётингга бўлсин бу адаб ғоя.

Сирлар қалъа каби қўриқлар сени,
Шунда енголмагай оғриқлар сени.
Рост йўлга бошлар бу йўриқлар сени,
Бошингда порласин нури ҳидоят!”

Акром МАЛИК