← Barcha she’rlar
Ҳар қанча ғамга туш, қайғулан, аммо
Bu yozuv kirill alifbosida.
Ҳар қанча ғамга туш, қайғулан, аммо
Остонангга келсанг, ёришсин ўйинг.
Зотан, дуо қилди Расули Худо:
“Ғам қайғуда қолма, сиғдирсин уйинг!”
Уй – ватан, уй – ҳаёт. Уй – хотин, бола.
Шул сабаб уйландинг – топдинг борингни.
Уйинг бор, чекмассан фарёду нола,
Уйда сақлагайсан мададкорингни.
“Уйинг куйсин” сўзи энг ёмон қарғиш,
Уйинг куйса, бутун ҳаётинг куйгай.
Қарғиш олма сира, ол дуо, олқиш,
Дуо ол Холиқ ҳам, махлуқ ҳам суйгай.
Уйнинг, яъни умрин қадрин билганлар,
Уйда кимдир ёқа, кимдир енг бўлсин.
Эй яхши ниятга кўнгли тўлганлар,
Уйингиз кенг бўлсин, дардга эм бўлсин.
Акром МАЛИК