Нетай, эсу ҳушни йўқотсам ногоҳ
Нетай, эсу ҳушни йўқотсам ногоҳ,
Нетай, айлансам гар баъзан гўдакка.
Бир дам бўла ололмай ўзимдан огоҳ,
Сўзим ўтмай қолар ошиқ юракка.
Билурман, нақадар садоқатинг бор,
Сенинг меҳринг бўлди дардимга шифо.
Аммо ҳижрон олиб қўлимдан қарор
Жунунимни этди оламга ифшо.
Гоҳо ҳаддан ошдим, аммо ишонгил,
Истамасман сенга бермоқни озор.
Эй менинг севгилим, тоза, поккўнгил,
Сен-ла келди яна умримга баҳор.
Дунё экинзордир, тақво экинин
Эксак сидқидилдан Худони севиб.
Роббим фазл айласа, жаннатда бир кун
Ҳосилини бирга олгаймиз териб!
Сени эслаганда билмайман, нега
Кўзёш келаверар қуйилиб ёғиб.
Эй садоқат ҳадя айлаган менга,
Қандай шукур қилай юзингга боқиб!..
Кечир, бу он байтлар гуллади чунон,
Ичимга беркинган сўзларим ўсди.
Қайғу нелигини билма ҳеч қачон,
Эй қалбим севгиси, қалбимнинг дўсти.
Акром МАЛИК