← Barcha she’rlar

Нотавону заиф бечора зотга

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Нотавону заиф бечора зотга
Туҳмат тошин отди мардуми ҳабис.
Ул шўрлик чидолмай ору уётга,
Узоқ вақт йиғлади бу зулм боис.

Душман ё хоинлар одатда, мудом
Ханжар урмоқ учун пойлаб ётар пайт.
Дўстлар ҳам ёғийга эврилиб тамом,
Эшикни ёпдилар хорлаб пайдар-пай.

Мазлум қон йиғлади жони чиққудек,
Ҳатто яшаш учун излади чора.
Ажалдан аччиқроқ тоғдек қайғудан
Балки қалби бўлди пораю пора.

Худога юзланди: “Тавбалар қилдим,
Тавбамни қабул эт, ўзинг Худойим!..
Бўҳтон тошларига қоқилдим,
Албат, сабаб бунга журму хатойим…

Туҳмат этган касга қандай сўзим бор?..
Раҳматингга, Роббим, қилдим ҳавола.
Ўзинг бўл ҳар дамда дўсту мададкор,
Бўғзимга сиғмайлар қолди дод, нола.

Яхшики, бўҳтонга бўлдим нишона –
Қилмаган ишимни қилди дедилар.
Тошдан бўлсин, Тангрим, бу шўр пешона,
Дўстларим тириклай едилар.

Аслида, гуноҳлар қилиб пинҳона,
Юргандан сув узра олмадек қалқиб
Ошкора туҳмат-ла бўлиб афсона,
Бу қадар бўзламоқ яхшироқ балки”.

Акром МАЛИК