Бир олиму валий зотнинг хотини
Бир олиму валий зотнинг хотини
Тили аччиқ эди, феъли кўп оғир.
Ҳеч бир хижолатсиз эрга ботиниб,
Қабиҳ сўз-ла дилга берарди оғриқ.
Бу ҳолдан хос дўстлар эди бохабар,
Ҳатто шогирдлар ҳам бўлганди гувоҳ.
Аҳбоб йиғилишиб охир бир сафар,
Устозга дедилар бўлиб хайрихоҳ:
"Зулм пайконига кўксингиз тутманг,
Сизга етган озор биз-чун изтироб.
Бундай ҳасрат билан ҳаётдан ўтманг,
Бизга имкон беринг, топайлик савоб.
Яъни уйлантириб қўяйлик Сизни,
Қўл-оёғи чаққон, тили ширинга.
Болдай тотли айтиб ҳар битта сўзни,
Чиқарсин ҳамиша уйнинг тўрига".
"Қадар ҳикматини ақллар билмас,
Қазо ишларида не сир яширин?!
Бироз тақво қилиб, сабр қилсак, бас,
Ўтиб кетгай умр – шўрми, ё ширин.
Мен ҳам сабр қилай, талабим – тақво,
Охират дардини қалбимга солай.
Яна орттирмасдан бошимга ғавғо,
Жаннатда ҳурларга, уйланақолай".
Акром МАЛИК