← Barcha she’rlar

Баланд тоққа чиқмагунча билиб бўлмас

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Баланд тоққа чиқмагунча билиб бўлмас
Бу оламнинг кенглигини, виқорини.
Пулсиротдан ўтмагунча кулиб бўлмас,
Кўрмагунча жаннатларнинг гулзорини.

То юракка ишқ пайкони қадалмаса,
Ҳаёт тоти одамзодга бегонадир.
Ишқ даштида мажнун дея аталмаса,
Инсон тани руҳи учун вайронадир.

Ошиқ бўлган тоқат қилмай ҳажр ўтига,
Ақлу ҳушин йўқотмаса, ҳисоб эмас.
Ихтиёрин топширмаса руҳ – тўтига,
Тунлар қон-қон йиғламаса, азоб эмас.

Гадо бўлиб севгилсин эшигига
Бориб итдек таҳқир кўриб, қувилмаса;
Ётиб дарднинг тобут каби бешигига,
Кўздан оққан ёши билан ювилмаса;

Ёри унинг изтиробин англамаса,
Зулм қилса тўхтамасдан жон оғритиб;
Оҳу нола чекса, асло тингламаса,
Кийинтирса маломатдан ўқ ёғдириб;

Ва маҳбуби мусибатда қолса ногоҳ
Жонин берса халос этмоқ учун шул он;
Эй ишқ аҳли, қулоқ тутинг, бўлинг огоҳ,
Бу ишқ учун битса бўлар шеъру достон.

Зотан,буни ишқ десалар, муносибдир,
Ошиқ деган номга арзир ул фидо зот.
Кимки севги кўчасига гом босибдир,
Унга қутлуғ бўлсин энди ғамгин ҳаёт.

Эй севдим деб зарра дардга чидолмаган,
Севгилингни мусибатда тарк этган кас!
Нафс аталган зиндонидан чиқолмаган
Ишқ сен каби гўдакларнинг иши эмас!

Акром МАЛИК