← Barcha she’rlar

Инсон холи эмас журму гуноҳдан

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Инсон холи эмас журму гуноҳдан,
Хато одамзоднинг хоссаси эрур.
Кўнгил узилмагай азобли оҳдан,
Сабр – ҳар кишининг косаси эрур.

Нафс итинг қутуриб, шайтонинг ютиб,
Агар туғён қилсанг, оҳ, қандай ҳасрат!..
Сўнг ашкка чўмилиб, тавбани тутиб,
Поклик истамасанг, энди бу лаънат…

Иссиқ жон иситма қилмаса бўлмас,
Танинг хасталанса, бу ҳам оғир иш.
Агар Аллоҳ сўзи тилингга келмас,
Демак, у оғриқнинг номидир қарғиш.

Акром МАЛИК