Кутма
Кутма!
Кутган сари вақтинг ўтмайди,
Қалб сирин англамас касга қалб очма.
Бу яралар эски, энди битмайди,
Азоблар дўстингдир, улардан қочма.
Шунчаки, рози бўл – тупроқсан, тамом,
Кимдандир муҳаббат айлама тамаъ.
Ошиқнинг оғриғи уйғоқдир мудом,
Айт, севмоққа журъат айларми ҳамма?!
Сенга неча айтдим, эй телба кўнгил,
Ҳар қандай ҳолда ҳам ечмагайсан зирҳ!
Энди бу кўргилик! Хорлигинг кўргил,
Жонинг тўхтамасдан оғрийди зирқ-зирқ.
Жунун-ла маҳзунсан, эй хаста, мажнун,
Ишқ дея оламга шарманда бўлдинг.
Ҳолингдан ғанимлар шодону мамнун,
Қадаҳдек лиммо-лим қайғуга тўлдинг.
Севганинг севгингдан безордир безор,
Сен унга талпиндинг, у кетгай узоқ.
Нечун ўз жонингга бунчалар озор,
Ким айтди: “Ўзингни алангада ёқ!”
Кутма!
Кутган сари лаҳзалар оғир,
Тош бойлаб оёққа соатлар юрмас.
Фақат кўнгилми у, симиллаб оғрир,
Ёрнинг чеҳрасидан бошқани кўрмас…
Акром МАЛИК