← Barcha she’rlar

Аҳли фақр эди, аҳли фано ул

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Аҳли фақр эди, аҳли фано ул,
Мудом одамларга яхшилик – иши.
Мудом тилларида очиларди гул,
Ундан яхшиликлар кўрди кўп киши.

Гоҳ эъзоз этдилар кўтариб бошга,
"Сиз Ҳақнинг дўсти, – деб. – Бизлар тобемиз".
Деди: "Кўз кўргайдир тушганини бошга,
Бу мақомни берди бизга Роббимиз".

Кейин содир бўлди ажиб ҳодиса,
Бирдан терс айланди бу чархи фалак:
Маломат айлади улус, алқисса,
Ҳолбуки, ул зотнинг парвойи фалак.

Деди: "Ана энди хотиримиз жам,
Нафс қўрққан кунлар ҳам бу бошга келди.
Менда йўқдир исён қилинмаган дам,
Осийга муносиб муомала бўлди!"

Акром МАЛИК