← Barcha she’rlar
Дўстман деганларга айтай ҳақ сўзни
Bu yozuv kirill alifbosida.
Дўстман деганларга айтай ҳақ сўзни,
Балки бундан ғофил булҳавас зотлар.
Нурга тўлдир аввал қалб деган кўзни,
То дўст туюлмасин қалбингга ётлар.
Дўст – бу ҳар не ҳолда ҳамдаму ҳамроҳ,
Сен гўё жисмсан, у эса соя.
Дўст борки, чекмассан нолаю оҳ-воҳ,
Ҳар не қайғуйингга дўстдир кифоя.
Кимдир сени агар десаю дўстим,
Бошқа кишиларга сезса эҳтиёж,
Бундай одамларнинг тўлмас кам-кўсти,
Уларнинг дардига йўқдир ҳеч илож.
Қалбингдан исмини суғургил дарҳол,
Дўстлик ўйинига ортиқ ҳожат йўқ.
Сендан бўлак жойда ҳаловати бор,
Безовта айлама, кўнглинг бўлсин тўқ.
Акром МАЛИК