← Barcha she’rlar

Қадим замонларда инсонлар ҳамон

She’r · 2 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Қадим замонларда инсонлар ҳамон
Дунё кирларидан қочган вақт эди.
Тафаккур қуёши порласа, жаҳон
Ёришиб, шу нурни топмоқ бахт эди.

Мўйсафид тоғларнинг бағрида бир пир
Макон тутган эди ёлғиз, шикаста.
Дунёни тарк этиб, хилватга сабр,
Меҳнатга ажрни топиб вобаста.

Аммо донғи тарқаб аҳли ҳол ичра
Этагин тутгани келаверди халқ.
Муршид деди қолиб қийлу қол ичра:
“Ҳақ учун одамлар хизматига қалқ”.

Ҳеч кимни тутмади хонақоҳда у,
Келганга юмушлар буюрди қатор.
Ваъзи қисқа эди, зикри пинҳону,
Хомушликка гўё берганди қарор.

Бир оғиз сўзига ташна оломон
Бойлигу сарватни тўкди бирма-бир.
Пир учун бир эди бор, йўқми жаҳон,
Қандай боқсин энди дунёга, ахир?

Талаб қилиб келди икки дўст уни,
“Бизга йўл кўрсатинг, аё муршид!” – деб.
Устод бош ирғади, чиқмади уни,
Ҳатто насиҳатни кўрмагандек эп.

Юмуш буюрилди икки йигитга:
Бири пастдан сувни ташир юқори.
Бири халлослайди чўққию четга,
Йилқию сурувнинг ортидан бориб.

Бирига бу меҳнат келди кўп малол,
Қани ирфон деди, қаерда аврод?!
Пирни топиб бўлмас, ахир, қандай ҳол,
Бу умр исроф-ку, ҳайҳоту ҳайҳот!

Аммо забт этмоққа муршид кўнглини
Бел боғлаб отилди ишга пайдар-пай.
Излаб кеча-кундуз ҳурмат йўлини
Хизматга ўзини кўрсатарди шай.

Аммо қанча қилсин жонини фидо
Пирдан келмас эди хос бир илтифот.
Гўё тирик эмас, ўликка видо
Қилгандек боқарди кўзлари, ҳайҳот!

Йигит назар солди дўстига, ажаб,
Ўликка ўхшарди унинг ҳар иши:
Иззату ҳурматни қилмасдан талаб
Қулдек ишлаш эди унинг ташвиши.

“Мен бунга кўнмайман!” – деди ул шужо,
Пирнинг ҳузурини бордию топиб,
Изн сўраб аён этди муддао,
Барча истихола эшигин ёпиб.

Табассум айлади унга авлиё,
“Хўп”, – дея жилмайди, “Хуш бор, хайр бор”.
“Кўзингни юм, – деди, – кўп чекдинг жафо,
Қайтишинг олдидан битта сайр бор”.

Кўзини юмдию йигит ўшал он
Ва очиб ўзини йўл узра кўрди.
Бир туя турарди сафар-чун шоён,
Туя хуржунида бир хат бор эди:

“Бу йўлнинг сири кўп, бетоқат бўлдинг,
Сабр айламадинг синов сойига.
Ҳамма азобидан энди қутулдинг,
Хотиржам қайтавер келган жойингга.

Бу йўлга ишқ ила қўйилгай қадам,
Шунда ҳар тошга бош тутолгай ошиқ.
Сохта ишқ етаклаб келганда одам
Тура олмас бунда ақлидан ошиб”.

Акром МАЛИК