← Barcha she’rlar

Эски китоблар бу, мўйсафид хатлар

She’r · 1 daqiqa o‘qish
Bu yozuv kirill alifbosida.

Эски китоблар бу, мўйсафид хатлар,
Беш ёки олтита юз йилдир ёши.
Сирли мавжланади соҳир санъатлар,
Сиёҳи боболар қалбин кўзёши.

Эски китоблар бу ўтмишнинг руҳи,
Балки келажакка ёқилган чароғ.
Ҳайбат, ҳайқириғ-у, дарднинг шукуҳи,
Шайтонларга қарши сермалган яроғ.

Ўтмиш китоблар бу бугуннинг ақли
Ета олмас қадар пурвиқор осмон.
Уни ўкимоққа бўлгайдир ҳақли
Ҳаёт тилсимига интиққан инсон,

Ҳаёт тилсимини очмоқ истасанг,
Асрлар қатидан варақла китоб.
Ва кўргайсан башар кўксидаги санг
Нақадар изтироб, нақадар азоб!

Ва кўргайсан кўрдир бугун одамзод,
Ҳақни ёлғон дея айлайгай тасбит.
Ёлғонга мажнундек ошиқдир, ҳайҳот,
Ҳар ким ўз нафсини этмиш мустабид.

Ва кўргайсан дунё улкан бир тузоқ,
Ҳар гул-у лоласи мақтуллар қони.
Ҳар ким қочиб борар манзилдан узоқ,
Қалблар ғафлат деган зулматнинг кони.

Эски китобларда пинҳона эмиш
Бахту саодатнинг калити, валлоҳ!
Аммо унга ҳамма бегона эмиш,
Кўринмасмиш Ҳаққа ҳеч кас хайрихоҳ!..

Акром МАЛИК