← Barcha she’rlar
Ҳар куни янги тонг отганда қадам
Bu yozuv kirill alifbosida.
Ҳар куни янги тонг отганда қадам
Ичидаги эски одамни осди.
Ўзидан безиди, ўзидан ҳар дам
Қочиб, яхши бўлай деб қадам босди.
Лекин яхшиликка етишолмай ҳеч,
Фақат ёмонлигин қилаверди кашф.
Шундай ғамлар ичра бу ночор дарвеш
Умрини айлади надоматга сарф.
Шу хулоса бўлди – у англаб етган:
Инсон адашгайдир, қилгайдир хато.
Ҳеч бир ҳақиқатни англамас экан
Одам ўзи билан учрашгунча то.
Шул боис ҳақиқат, ҳақиқат дея
Тўрт томонга ҳуриб чопавермагил.
Қулоқ эшитганни атрофга ёя,
Дуч келган одамни қопавермагил.
Ҳақни изладим деб тўдага эриб,
Ҳамма бақиргандек бақирма, беор.
Ҳақиқат ўзингга беркинган эрур,
Уни ташқаридан изламоқ бекор!
Акром МАЛИК