← Barcha she’rlar
Дунё сафар эрур, дунё – узун йўл
Bu yozuv kirill alifbosida.
Дунё сафар эрур, дунё – узун йўл,
Нақадар узундир, шу қадар ҳузун.
Мутлақ билмагайсан қайда ўнгу сўл,
Елкага кўтариб ожизлик сўзин.
Мийсоқдан бошланди бу ғурбат сафо,
Маҳшар манзилига боргаймиз қатор.
Хоҳ иста, хоҳ бўйин товлагил, аммо
Сафар ҳақ, манзил ҳам ўзгармас зинҳор.
Сафарда ҳеч нарса бўлмагай тўкис,
Йўлнинг азоби бор ўзидан узун.
Фақат алам қилар тополмай бир дўст,
Ёлғиз кириб борсанг манзилга, маҳзун.
Акром МАЛИК