← Barcha she’rlar
Устозман десанг-у, илм савашида
Bu yozuv kirill alifbosida.
Устозман десанг-у, илм савашида,
Тулпорлар чоптирсанг, ўқисанг майдон!
Инсон-у шайтоннинг жанг – курашида
Зафар яловини кўтарсанг чунон.
Шогирдлар илмдан хазина йиғиб,
Ирфон чўққиларин забт қилса бир-бир –
Камол касб этса-ю самога чиқиб,
Фалак раъноларин айласа асир!
Бари беҳудадир, беҳуда, ҳайҳот,
Муваққат шуҳратдир, муваққат бир шон –
Гар қалбда муҳаббат этмасанг бунёд,
Гар ҳиммат сабоғин бермасанг, ишон.
Ишқнинг дарсларида ёнмаган кўнгил,
Ҳиммат сабоғини олмаган беор,
Юк деб кўтарганинг ҳар недан енгил,
Айтганинг сўзларнинг барчаси бекор!
Акром МАЛИК