Тўртликлар
Тўртликлар
Қалбимда муҳаббат олови гулгун,
Куйдириб руҳимни поклар кундан кун.
Ишқ шавқи денгиздек жўшгани онда
Жуда тор эканинг кўраман, очун!
***
Севгимнинг суратин чизсанг-чи десам,
Изҳорим дур каби тизсанг-чи десам,
Ишқнинг хазинасин солиб кемангга,
Бақо уммонида сузсанг-чи десам…
Сўзлар ожизликни олиб бўйнига,
Кирар бошин эгиб хилват қўйнига!..
***
Шайтон ё нафсданми — йўлдан кўп оздим,
Ўзимни надомат дорига осдим.
Жаҳаннам оташин ўчирмоқ учун
Роббим, муҳаббатинг ўтига қочдим!
***
Гоҳ қўрқинч қошида ўлдим, йўқ бўлдим,
Сўнг умид қўлида севинчга тўлдим.
Даҳшат чангалида фарёд уриб сўнг,
Роҳат водийсида яйрадим, кулдим!..
***
Шайтон қайга юрсам — чоҳини қазди,
Раҳмон чоҳни кўр деб чароғ тутқазди.
Оёғимдан чалиб йиқитди гуноҳ,
Ҳақ лутфи қўлимдан тутиб турғазди.
***
Мени маъсум гумон қилма, биродар,
Ва лекин ёнимдан жилма, биродар.
Ўзингдек хатокор эканимни бил,
Шикаста тавбамдан кулма, биродар.
***
Ҳар кун турфа хато ҳосил қиламан,
Хатони азобга восил қиламан.
Гуноҳ дуди билан кирланиб кетгач,
Тунда кўзёш ила ғусл қиламан…
***
Худойим, қалбимни азобдан қутқар,
Дунё деб аталган саробдан қутқар.
Қачон уйғонаман! Мадад бер, Роббим,
Ғафлат, шаҳват отли бу хобдан қутқар!..
***
Шу қадар тор экан бу осмон, бу ер!
Фақат тақво учун тўкмайсанми тер?!
Менда на қувват бор, на хислат, на куч,
Худойим, умримга барокатинг бер!
Акром МАЛИК